ТЕНГ ҚАДАМЛАР

Мулоҳаза

ТЕНГ ҚАДАМЛАР

—Ойгул, шошма қаёққа кетаябсан?

—Мусиқа тўгарагига.

—У ерда нима қиласан?

—Доира чалишни ўрганаябман.

—Жиннимисан, доирани ўғил болалар чалишадику?

Бежизга мақоламизни бу тариқа бошламадик.  Чунки, бизда қадимдан қизлар у ишни қилади, ўғил болалар бу ишни қилади деган тушинча мавжуд эди. Аммо, йиллар ўтиб ҳаётининг ўзи бизга бу тушунчанинг қанчалик нотўғри эканлигини кўрсатмоқда. Атрофга назар ташлар эканмиз, баъзан эркаклар қила олмаган ишларни аёл боши билан қилаётган аёлларни кўрамиз. Ҳаёт бизни янгича яшашга, янгича дунёрқараш билан оламга боқишга ундамоқда.

 Бугун жамиятимизга  «гендер тенглиги» тушунчаси тоборо сингиб, оммолашиб бормоқда.Қадимда аёл киши деганда бизнинг кўз ўнгимизда авваламбор она сиймоси келади. Аммо бугун ҳар бир аёл оддий кузатувчи эмас, балки мамлакатда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчиси ҳам бўлиши керак. Мамлакатимизда аёл-қизларимиз билан эркакларнинг тенг ҳуқуқларини англатувчи бу сўз аслида қандай маъно англатади?

Илк бор миллий қонунчилигимизда “гендер” тушунчасига таъриф берилган бўлиб,  гендер – хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги муносабатларнинг жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида, шу жумладан, сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, мафкура ва маданият, таълим, илм-фан соҳаларида намоён бўладиган ижтимоий жиҳат ҳисобланади.

“Гендер” тушунчасининг луғавий маъноси лотинча “genus”, яъни “жинс” маъносини англатади. Агарда, биологик жинс инсонларни аёл ва эркакларга ажратадиган бўлса, гендер – бу аёл ва эркакларнинг жамиятдаги ўрнини ажратишга қаратилган. Жамиятда аёл ва эркакларнинг ўз ўрнини топиши ва белгилаши учун давлат уларга бир хил шароит ва имконият яратиб бериши гендер тенгликни таъминлашда асос бўлиб хизмат қилади. Демакки, бугун аёл-қизларимиз ҳам жамиятда давлатимиз томонидан амалга оширилаётган демократик жараёнларда фаол иштирок этиши ва билим, савиясини ошириш имконияти юқорилигини англатади.

Сўнгги йилларда гендер тенгликни таъминлаш, аёлларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётдаги ролини ошириш бўйича ишлар бир неча йўналишларда олиб борилмоқда. Яъни бу борада тизимли равишда аёллар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини, аёлларни ҳимоя қилишнинг институционал асосларини такомиллаштириш, аҳолининг гендер тенглик ва аёллар ҳуқуқлари тўғрисида хабардорлигини ошириш, ҳуқуқни қўллаш амалиётида уларга риоя этилишини таъминлаш учун масъул мансабдор шахсларни тегишли ҳуқуқий меъёрлар асосида ўқитиш юзасида қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.  Ўзбекистонда бир қатор қонун ҳужжатлари, жумладан, Президентнинг хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш, хусусан, гендер тенглиги ва аёлларни зўравонлик ва зулмдан ҳимоя қилиш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш мақомини кучайтириш тўғрисидаги фармон ва қарорлари қабул қилинган.

Шу аснода барча соҳолар сингари маданият ва санъат соҳасида ҳам гендер тенглигини таъминлаш борасида ҳам самарали ишлар олиб борилаётганлигини атаб ўтиш жоиз. Бу борада айнан Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги тасаруфидаги ташкилотларда йигирмага яқин аёл-қизларимиз раҳбарлик қилмоқда. Ва бугун ўтган йилларга нисбатан  соҳада аёл-қизларимизнинг фаоллиги ортиб бормоқда. Турли тадбирларда, лойиҳа ва йўналишларда эркаклар билан тенгдек елкама-елка туриб ишлаябди. Бу алоҳида эътирофга лойиқ.  Бу борада давлатимиз томонидан маданият ва санъат соҳасини ривожлантиришга қаратилган қонун ҳужжатлари ҳам дастуриламал бўлмоқда.

Давлат театрлари репертуарларига ҳам айнан гендер тенглиги мавзуси ёритилган спектакльларни кўпайтириш юзасидан ҳам тегишли ишлар амалга оширилиб, бу борада илк қадамлар ташланмоқда. Жумладан, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри К.Рахмановнинг “Мухаббат шамоли”, Қ.Норқобилнинг “Гул олмаган гўзаллар”, С.Балғабаевнинг “Қиз йигирмага чиққанда” спектакллари ва Қорақалпоқ давлат Ёш томошанбинлар театри жамоасининг инглиз драматурги Рей Кунининг “Қора дипломат” спектаклари ҳудудларда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имконияларни таъминлаш масалаларини ўз ичига олган асарлардан хисобланади. Театрга келган ҳар бир томошабин сахнада ҳақиқий ҳаёт манзарасининг гувоҳи бўлишади. Ва маълум даражада ундан ўзига хулоса чиқаради.  Бугун маълум даражада биз тенг ҳуқуқлилик сари қадам ташламоқдамиз. Муҳими, илк қадам. Аслида сиз у биз тенг ҳуқуқли инсонлармиз. Шунингдек, қадамларимиз ҳам тенг.

—Ойгул, шошма қаёққа кетаябсан?

—Мусиқа тўгарагига.

—У ерда нима қиласан?

—Доира чалишни ўрганаябман.

—Офарин, қизларимиздан ҳам моҳир доирачилар чиқса қандай яхши!

Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг
ҳуқуқ ҳамда имконияларни таъминлаш
масалалари бўйича “Маслаҳат Кенгаши” аъзоси,

санъатшунос журналист

 Гүлмира  ПАЛЎАНОВА.

Маданият муасасалари фаолиятини ташкил этиш
 бўлими бош мутахассис П.Мамутов.