Инсон қадри ҳар нарсадан улуғ

Осмони мусаффо, турмуши фаровон юртга байрамлар, хурсандчиликлар ярашади. Шу боис юртдошларимиз орасида ана шундай дориламон кунлар учун шукроналар айтиш, эҳтиёжмандларга ёрдам бериш, кексаларни эъзозлаш, беморлар ҳолидан хабар олиб, уларга далда бўлиш эзгу анъанага айланган.
Халқимизга хос бундай хислатлар Рамазон ҳайити муносабати билан жойларда ўтказилган тадбирларда яққол намоён бўлди.
Президентимизнинг 2019 йил 30 майдаги “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги ПҚ-4349-сон қарори ушбу айёмнинг янада кўтаринки руҳда ташкил этилиб, халқимиз маънавий ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Жумладан, Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театри  жамоаси томонидан байрам арафасида Кам таъминланган оилалар, боқувчисини йўқотган ва ёлғиз кексаларга моддий ёрдамлар кўрсатилди. Шунингдек, театрда самарали меҳнат қилаётган  ёши улуғ онахонлар Қорақалпоғистон Республикасида ҳизмат кўрсатган артист Арзихан Наврузова ва театр директории ўринбосари Рая Хўжаниязоваларга хурмат рамзи сифатида театр дирекцияси номидан совғалар берилди.

Қисқача айтганда, Рамазон ҳайити кишиларни қалбан бир-бирларига янада яқинлаштирди. Ёши улуғ кишилар ушбу айёмда юртимизга тинчлик-осудалик, хайру баракот тилаб, дуога қўл очдилар.

Театр раҳбари ташаббуси билан ушбу театрда узоқ йиллардан бери самарали меҳнат қилиб, бетакрор рўллар ижро этиб, турли образлар яратиб томошабинлар меҳрини қозониб келаётган актриса Хурзия Ибрагимованинг уйида  хайрия ҳашари ташкил этилиб, ўзи яшаётган уйининг таъмирлаш ишларида  яқиндан ёрдам кўрсатилди.


— Шу кунларга етказганига минг шукр, — дейди Хурзия опа Ибрагимова—Замонавий услубда янгидан таъмирланган уйимда ушбу хайру саховат, меҳр-оқибат, шукроналик айёмини байрамона кайфиятда кутиб олаябман.
Инсон қадри ҳар нарсадан улуғ. Кишиларни эзгулик, ҳар қачонгидан кўра кўпроқ савоб ишларни амалга оширишга даъват этувчи муқаддас ойни муносиб ўтказган театр жамоаси  Рамазон ҳайитини кўтаринкилик билан кутиб олди.


Сана муносабати билан эртага 5 июнь куни соат 17:00да  театр репертуаридаги ажойиб спектакллардан бири бўлган Япон халқ эртаги асосида тайёрланган «Турна парлари» номли спектаклни Хўжайли туманидаги Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига бепул қўйиб бериш режалаштирилган. Адилбек Сейтов.