Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театрида янги спектаклнинг яратилиш жараёни

Узоқ йиллар мобайнида ўқувчилари эътиборини йўқотмай келаётган А.Қодирийнинг «Меҳробдан чаён» романининг инцинировкаси яқин кунларда Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театри сахнасида томошабинлар эътиборига ҳавола этилиши кутилмоқда.
Роман инсценировкаси Учқун Ўсаров томонидан ишланиб, театрнинг ёш режиссёри У.Бектурганов айни пайтда спектаклни сахналаштириш жараёни устида иш олиб бормоқда.
Ўзбек адабиётининг буюк намоёндаси, ўзбек романчилигининг асосчиси А.Қодирийнинг авлодларга қолдирган меросларидан бири «Меҳробдан чаён» романи 1928 йилнинг февралида ёзиб тугатилиб, роман 1929 йил Самарқандда босилиб чиқди.
Асарни «Меҳробдан чаён» дея номлашдан мақсад – муқаддас даргоҳ, саждагоҳдан чиққан, уша даргоҳга номуносиб мунофиқ, қаллоб, тубан кимсаларга, ҳасадгўй кишиларга нисбатан ишорадир. Романда давр зуғуми муайян даражада сезилиб турса да, адиб амалда реализм мавқеида турган, тарихий ҳақиқатни мумкин қадар ҳаққоний ифодалашга интилган ва енгил ҳазил-мутойиба, кулги-юмор ва  ҳажвни айрим образлар табиятига ҳос ҳислатлар орқали кўрсатган. Биз бу романнинг экрандаги талқинини кўрганмиз. Лекин бу асар сахна юзида томошабинларга қандай етказилиши, спектаклнинг тайёргарлик жараёни қай тарзда ўтаётгани ва янги спектаклни қачон тақдим этиши билан қизиқиб режиссёр У.Бектурганов ва ижодий жамоа аъзоларига саволларимиз билан юзландик.

Бу спектакль аввалги сахналаштирган спектаклларингиздан нимаси билан фарқланади ва уша давр муҳитини яратишда нималарга аҳамият қаратдингиз?

У.Бектурғанов: Уша давр муҳитини яратишда аввалоуша даврдаги инсонларнинг кийиниш ва гапириш маданиятига, ўзларини омма олдида тутиш маданиятига эътибор қаратдик. Бу спектаклнинг аввалги спектакллардан фарқи шундаки, асарнинг теран маънога эга эканлиги ва психологик сюжетларга бойлигидадир. Бу асар нимаси билан томошабинларга урнак бўлиши мумкин, аввало Анвар билан Ранонинг бир-бирига соф муҳаббати, тўғри сўзлиги, соддалиги, ҳурмат ила муносабатлари, қандай вазият бўлмасин муҳаббатига садоқати инсон қалбини жумбушга келтириб, тўғри йўлда кетаётган инсонларнинг олдига тўсиқ бўлиш бефойдалиги, эзгулик ҳамийша ғолиб келиши ва ёмонлик қилганлар ўз жазосини топишлари саволга жавоб бўла олади.

Актёрларни танлашда қандай қийинчиликлар бўлди?

У.Бектурғанов: Албатта қийинчиликлар бўлди. Актёрларни синовдан ўтказар эканман уларда асар қаҳрамонларининг қиёфасини кўришга ҳаракат қилдим. Айрим актёрларнинг ролларини алмаштиришга ҳам тўғри келди. Энди худо ҳоқласа, баҳони премъерадан сўнг томошабинларга қолдирамиз.

Спектакль учун яратилган декорациялар нима ҳақида сўзлайди? Янгиликлар нималардан иборат?

Бош рассом Т.Шардеметов: Декорацияларда янгиликлар бор. Асарнинг мазмун-моҳиятига асосланган ҳолда ишлашга, оддийликдан қочиб элемантар декорациялар яратишга ҳаракат қилдик.

Либосларнинг танланиши ҳақида театр модельер дизайнери нима дейди?

Дизайнер М.Төремуратова: Албатта костьюмларнинг эскизини яратишдан аввал кўп изландик. Тарихий либослардан айниқса, асарда баён этилган вақтлардаги эркак ва аёлларнинг кийган кийимларидан намуна олган ҳолда янги либосларнинг эскизи чизилди.

Спектаклнинг яхши чиқиши учун янгидан тикилган либосларнинг ҳам аҳамияти катта. Театр тикувчиси спектакль либослари ҳақида…

Тикувчи Л.Фурқанова: Авваллари кўпинча Тулки, бўри, айиқ, қуён, сичқон каби ҳайвон образларига либослар тиккан бўлсак, бу гал янги спектаклдаги қаҳрамонлар Анвар, Рано, Подшоҳ, имом Адбдураҳмон образларига либослар тикдик.

Ижодий жамоанинг янги спектакль жараёнидаги янгиликлари билан танишдик. Бу эса барчаси эмас. Премъерадан сўнг бадиий кенгаш ва томошабинлар баҳоси ила спектаклнинг ютуқ ва камчиликларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Дариха Дарушова 
санъатшунос журналист